18 Nisan 2020 Cumartesi

 #sevimli satrlar

ОТАМ КУТГАН КУНЛАР  

Шукур, менга омад кулди, 
Бошимни қор тутганда... 
...Отам кутган   кунлар келди, 
Отам ўзи кетганда... 

Ҳар тонгу шом оила жам – 
тўлдик чинор сўрига, 
Аммо йўқ-да азиз отам 
чиқаргани тўрига... 

Уч кунгина кийган тўни 
эгасига ичиккан. 
У ҳам мендай падаримни 
асрагани кечиккан... 
   
Жилди қалин китобимни 
варақлайман ўртаниб, 
Кўрмади-я шу тобимни 
қиблагоҳим, нуртаним... 

Хуш кунимда 
шаштим қайтган, 
кўзимга ёш тўлади. 
Отагинам 
бир пайт айтган 
гап ёдимга келади; 

“Ўғлим, ёшсан, 
бил, 
албатта, 
оққан дарё оқади. 
Ҳали сенинг 
катта-катта 
китобларинг чиқади... 

Омадга дуч келасан сен 
ҳар лаҳза, 
ҳар онингда, 
Аммо 
ўша 
кунларда мен 
бўлмайман-да ёнингда...” 

Жоним отам, 
Ў! Жон отам! 
Буни қайдан билдингиз? 
Нимагаям, 
сиз ўша дам 
Авлиёлик қилдингиз?! 

Фаришталар қўли очиқ 
турганмиди ё у пайт? 
Дуоларнинг йўли очиқ 
турганмиди ё у пайт?.. 

Каловланиб , ниманидир 
қидираман кенг жойда. 
Катта китобимдан ахир 
сизсиз менга не фойда? 

О! 
Ичимга  
лим тўлди ғам, 
ботиб кетди офтобим... 
Сиз экансиз, энди билсам, 
асли катта китобим... 

Тўғри чиқди бугун, мана, 
Сиз қилган у башорат. 
Аммо, билсам,  
унда яна 
Бор экан бир ишорат - 

Эзгу ишни 
одам деган 
Маҳкам тутиб 
баридан, 
Умидларни тортсин экан 
Тушкунликлар 
қаъридан... 

Шеър бобида 
мен у дамлар 
Чўкиб қолгандим 
анча, 
Кўнгли яқин, 
дўст одамлар 
Куюнсаям 
ҳар қанча...  

Кўриб қолиб 
маккор тузум 
Ангорини, 
 афтини, 
Йўқотгандим 
ўзи маҳзун 
Юрагимнинг 
тафтини... 

Ота!   
Ўша гап мағзини  
Бугун 
энди чақяпман -   
Тушкунликнинг 
кир бўғзини 
Бор куч билан  
сиқяпман! 

Эркин юртда 
мен – эрка қуш, 
Ҳаққим борми 
чўккани? 
Юрагимда 
тиниқ товуш, 
Четга сурдим 
Чеккани! 

Битикларим 
элга ёқиб,  
Қўшиқ бўлсин, 
ёд бўлсин! 
Кулиб туринг 
менга боқиб – 
Пок руҳингиз шод бўлсин! 

...Шукур, менга омад кулди, 
бошимни қор тутганда... 
Отам кутган   кунлар келди, 
Отам ўзи кетганда... 

Баҳодир  Исо 
      2009-йил.



2 yorum:

  1. Сиз экансиз, энди билсам,
    асли катта китобим...

    YanıtlaSil
  2. haa... otalar eng qimmatli kitob

    YanıtlaSil