5 Haziran 2020 Cuma



#sevimlisatrlar

Shavkat Rahmon

ТУНГИ МАНЗАРА

Ўрмонлар жим, йиғламас шамол,
сой сайрамас, бақалар жимдир.
Ингроқларга тўлиб кетган тун
ғамгин қўшиқ айтади кимдир.

Отим ўлган, қиличим синган,
мажақланган совут, қалқоним,
Ким ташлади мени бу чоҳга,
қайда қолди ёруғ осмоним!

Қаердаман, қайга борарман,
қора зиндон нақадар чуқур,
фақат тоқнинг буржидаги ой
туйнукчадан тушар хира нур.

Барча азоб камлик қилгандай
сой сайрамас, бақалар жимдир,
гўё мазах қилгандай гоҳ-гоҳ
ёпиб турар туйнукни кимдир…

20 Mayıs 2020 Çarşamba

 РАВШАН ФАЙЗ

БЕВАҚТ ЎЛИМДАН ҚЎРҚАМАН, ҚИЗИМ

Каҳратон қишларнинг қаҳри нимадир,
Аччиқ аёзлари, заҳри нимадир.
Кумуш кулгуларинг эшитсам, қизим,
Ғурбату ғамларнинг наҳри нимадир.
Нимадир надомат, маломат тоши,
Саратон селию кузак кўз ёши.
Бу очиқ кунларнииг ёди олдида
Нимадир баҳорнинг қавоғи, қоши.
Доғули девлар-да, омон қолмагай,
Айёр ажиналар алдай олмагай,
Пилдираб юришинг ўйласам, болам,
Ҳеч нарса кўнглимга ваҳм солмагай.
Фақат шул айтаман, келмайди орим,
Худога етса бас, ўтинчим, зорим…
Бир бошга бир ўлим, — дейман -у бироқ,
Ўзимда эмасдир шул ихтиёрим.
Шиддатли шамоллар ўпдилар изим,
Замоннииг зўрига бермадим изн.
Гулдай кулгичларинг эслаб сўйласам
Бир бевақт ўлимдан қўрқаман, қизим.

***
* * *
Кўнглима орзулар солган, қишлоғим,
Олис-олисларда қолган, қишлоғим.
Келиб қоларми деб, ҳар саҳар, ҳар шом
Кўзлари йўлимдан толган, қишлоғим.
Менинг мақсадимдаи кўнглим кўп тўқдир,
Армон нишонига тегмаган ўқдир.
Орзунинг измида ҳамон ҳаётим,
Лекин бу йўлларнинг адоғи йўқдир.
Айтгил, селмасмиди мен танлаган йўл,
Сайрга элмасмиди мен танлаган йўл.
Олис-олисларда оворадурман,
Борса-келмасмиди мен танлагаи йўл.
Кўзлари йўлимда толган, қишлоғим…
* * *
Гулга кирган боғларим қолди,
Қирчиллама чоғларим қолди,
Талқон бўлмай тоғларим қолди,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.
Ишқ келдими, қийнади бир сир,
Шул сезимга бўлмай деб асир,
Қўл силтадим барига басир,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.
Кўнглимни ҳеч этмадим бозор,
Суйганимга бермадим озор.
Мажнун мисол бўлмасдан хор-зор
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.
Юрагимни рашкларда ёқиб,
Тоҳир каби юрмай деб оқиб
Толеимга этагим қоқиб,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.
Гул фаслида қолмагай дунё.
Хайр, Лайли, алвидо, Зуҳро.
Ёшлик мени тарк этмай илло,
Мен ёшликни тарк этиб кетдим.
* * *
Дунё, азал азалдан меҳробларингда чаён,
Дил дилга тўғри келмас, дўсту душман намоён.
Кел, сен сулув санамлар кўнглини айла аён:
Мен Мирзони тушундим, Раъносини тушунтир.
Севги, сен бу дунёда нега минг йиллик тилсим.
Нега минг Қайс-Мажнунлар лабида учган “сим-сим…”
Ёшлик – бебошлик, дея аталган бир фаслнинг
Шаклини кўп тушундим, маъносини тушунтир.
Ҳаёт, умид-уфқларинг бўлмасин қанчалик кенг
Барибир бир жаҳаннам, бир жаннатга келмас тенг.
Вафодору бевафо бу икки умрнинг мен
Мангусини тушундим, фаносини тушунтир.
* * *
Мен яхши кўряпман сизни тобора.
Тобора кўзимдан йитмоқда туман,
Қарангиз, қисқариб боряпти ора,
Орада тўсиқ йўқ энди умаман.
Мен яхши кўряпман сизни кун сайин,
Кун сайин яқиндир дийдорингиз, ёр.
Йўллар кўп равондир, ҳаво ҳам майин,
Майин сунмоқдадир косагул, аёллар.
Мен яхши кўряпман сизни шунчалик,
Шунчалик муҳимдир энди зор, додим:
Худойим, ишқилиб салому алик
Умрича бўлса бас, қолган ҳаётим.
Мен яхши кўряпман сизни тобора…

Равшан ФАЙЗ

17 Mayıs 2020 Pazar




beshinchi qavat
tonggi beshni ko’rsatyapti soat millari
derazadan qarayman tong hididan tuymoq uchun
tunsizlik yetar, tong otsin ortiq
tongdaliklar bitilgan komyuter ham horg’in... quvvat so’rar men quvvatsizdan...
binolar orasidan har tong kutganim qoraygan tog’ ni izlayman
xuddi rassom xira qalamda chizgan kabi xira ko’rinadi ular ham... 
shukr, chala bino bitmagani sabab bu ham bir yupanch bo’ldi karantinda... 
g’animat tog’lar...
beshinchi qavatdan hamma narsani ko’ryapman — 
BIROQ O’ZIMNI KO’RMAYAPMAN...
topolmadim sochilgan bo’laklarimni... 

tong otmoqda... 
oyli tong
tongga yarashgan oy...

                         2020-yilning 18-mayi

7 Mayıs 2020 Perşembe

#sevimli satrlar


*    *    *
Ярим тун.  Чироқлар 
                       ўчади бир-бир –
Уйқу ва  бедорлик муросалари. 
Ҳушёр чироқчи ким?
Сенмисан, тақдир,
Ё чарчоқ одамлар хулосалари?

Жумлаи жаҳонни унитиб бу дам
Чўкиб ўлтираман тубсиз ботинга   –
Ёдимга тушади кетган дўстларим,
Шавқу шаън давралар тушар ёдимга.

Ним шуълам милтирар туннинг 
қаъридан,
Ёруғим – безабон, ёруғим жимдир.
Ёлғиз ёниб қолган чироқ кабиман –
Кимдир ўчиришни унитган, кимдир... 

26.03.2020
Усмон Азим



#sevimli satrlar

°°°
Dunyoning derazasi ochiq:
oftobga,
oyga,
yulduzga,
yurakka,
Oftob – uyg‘otar dunyoni.
Oy – yoritar.
Yulduz — dunyo devorida bir surat.
Yurak-chi?
Yurak —
oftobni,
oyni,
yulduzni
o‘g‘irlamoq istab,
deraza oldida turibdi… titrab.

©Tilak Jo‘ra


24 Nisan 2020 Cuma

#sevımlı satrlar

* * *

Субҳлар ҳўплайди патли ҳавони,
Бир кун ёлғончилик қилади апрель,
Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,
Бироқ кел.

Зар ип эшаяпти ёғдулар тошиб,
Зим – зиё ҳовонча эзғилайди ун.
Қавиб, тахлаб қўйди шойи кўрпани
Сен учун.

Жарангдор сочинг ҳам бўлар пўпакли,
Тиллақош топилар кўк сандиғида.
Уч газ булут кесса бўлар чимилдиқ,
Висол тоғида.

Киприкка илинган шабнам чўғдайин,
Бир кун ҳақиқатгўй бўлмади апрель.
Мен сенинг келишинг сира истамайман,
Бироқ кел.

Анбар инъом этар сенга чечаклар,
Тобе мамлакатдир сенга хуш чаман.
Мен эса чимилдиққа кираману,
Тиззангга бош қўйиб ухлаб оламан.

Суронлар чулғайди патли ҳавони,
Бир кун ўзим каби лақмадир апрель.
Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,
Бироқ кел…

Абдували Қутбиддин


@abduvali_qutbiddin

23 Nisan 2020 Perşembe

#sevımlı satrlar

* * *    

Ёмғирлар оралаб ўтади умрим
Баҳордан-баҳорга, кузлардан-кузга.
Ёмғирлар оралаб ўтади умрим
Китобдан-китобга, сўзлардан-сўзга.

Ёмғирлар оралаб ўтади умрим,
Томчилар қўйнида тонгларим отар.
Гоҳ томчи – булбулим, гоҳ томчи – қумрим,
Гоҳ томчи умримга питрадек ботар.

Ёмғирлар оралаб ўтади умрим,
Ўзим ҳам  томчиман – фалакдан тушган;
Мен бўрон кўзини очган бир «сим-сим»,
Ёмғирли қанотин силкитган қушман.

Ёмғирлар оралаб ўтади умрим,
Ҳар томчи – бир умр, ўзи бир дунё.
Ёмғирлар оралаб кузатаман жим:
Ювиниб боради аста кир дунё, –

Ёмғирлар оралаб...

                          Abdulla Sher

Тўйтепа,
2007